Все игры
Обсуждения
Сортировать: по обновлениям | по дате | по рейтингу Отображать записи: Полный текст | Заголовки

Riyoning hatari

Риёнинг хатари

 

Имом Термизий Абу Саъд ибн Аби Фузола розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар Аллоҳ таоло одамларни ҳеч шубҳасиз кун-Қиёмат куни жамласа бир жарчи жар солиб: Ким Аллоҳ учун қилган амалида бирон нарсани шерик қилган бўлса, унинг савобини Аллоҳдан бошқа - ўша шерик қилган нарсаси - дан талаб қилсин, чунки Аллоҳ таоло ўзига бирон нарсани шерик қилишнишидан бехожатдир дейди.
 
Имом Муслим ва Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Қиёмат куни одамлар ичида энг аввал ҳукм қилинадиган киши шаҳид бўлади. Уни олиб келинади ва Аллоҳ унга ўз неъматларини танитади, банда уларни тан олади. Сўнг Аллоҳ: «Уларнинг шукронасига нима амал қилдинг?»-деб сўрайди. У банда: «То шаҳид бўлгунимга қадар Сен учун уришдим», - деб жавоб беради. Шунда Аллоҳ: «Ёлғон айтаяпсан, лекин сен одамлар сени (жасур-қўрқмас) дейишлари учун уришдинг ва дарҳақиқат, одамлар шундай ҳам дейишди», - дейди. Сўнг буйруқ берилади, уни дўзахга ташлаш учун юзтубан ерга судраб олиб кетилади.

Кейин илм ўрганган ва уни ўргатган, ҳамда қуръон ўқиган кишини олиб келинади. Аллоҳ унга ҳам ўз неъматларини эслатади. У банда уларни тан олади. Сўнг Аллоҳ: «Буларнинг шукронасига нима амал қилдинг?» -деб сўрайди. Банда: «Сен учун илм ўргандим, уни бошқаларга ўргатдим ва қуръон ўқидим, деб жавоб беради. Аллоҳ: Алдаяпсан, сен илмни одамлар “Олим”, дейишлари учун ўргандинг, Қуръонни эса одамлар “қори” дейишлари учун ўқидинг, дарҳақиқат одамлар шундай ҳам дейишди”, - дейди Аллоҳ. Сўнгра буйруқ берилади – уни дўзахга ташлаш учун юзтубан ерга судраб олиб кетилади.

Шундан кейин Аллоҳ унга ризқини кенг қилиб берган, бойликнинг ҳамма туридан инъом қилган кишини олиб келинади. Аллоҳ унга ҳам Ўз неъматларини танитади. Банда уларни тан олади. Сўнг Аллоҳ: “Буларни шукронасига сен нима амал қилдинг?” – деб сўрайди. “Мол-давлатни Сен хуш кўрган бирон йўлни қолдирмай, ҳаммасига Сен учун сарф қилдим”, - дейди у. “Ёлғон айтаяпсан, лекин сен бу ишни одамлар сени “сахий” деб айтишлари учун қилгансан, дарҳақиқат одамлар шундай ҳам дейишди”,- дейди Аллоҳ. Сўнг буйруқ берилади, уни дўзахга улоқтириш учун юзи билан ерга судраб олиб кетилади.

 

Имом ибн Можа ривоят қилган ҳадисда Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳу дедилар: Биз Дажжолни гапириб ўтирган эдик, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам чиқдилар ва:

- Мен сизларга Дажжолнинг фитнасидан кўра сизларнинг хаққингизда мен учун хавфлироқ нарса ҳақида хабар берайми?», дедилар.

- Ҳа ё Расулаллоҳ, хабарини беринг, дедик.
- У маҳфий ширк, киши намоз ўкиш учун туради, бошқа киши уни кўриб тургани учун намозини чиройли қилиб ўқийди», дедилар.
 
Шарх:
Риё - ибодатларни – Аллоҳ учун эмас, балки - одамлар кўрсин деб хўжакўрсинга зийнатлаб бажаришдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Риёни ширк», дедилар. Ва Умматни ундан огоҳлатирдилар, чунки бу амал махфий бўлганлигидан жуда кўп амалларга қоришиб кетади ва қилинган амаларни ҳабата қилади.

 

Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:

1- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларга қаттиқ танбеҳ бериш учун саҳобалардай улуғ зотлар риё қилиб қўйишидан қўрқишининг хабарини берган.

2- Солиҳ кишилар ҳам сезмаган ҳолатда риё қилиб қўйиши мумкин.

3- Риё билан қилинган амал қабул бўлмайди.

4- Риёкорларга қаттиқ ваъийдлар бор.                                                                                                                                                

 

Одамларга таълим бериш ва яхшиликга чақиришнинг фазли

Одамларга таълим бериш ва яхшиликга чақиришнинг фазли

 Аллоҳ таоло Жумъа сурасининг 2- оятида шундай дейди: «У (Аллоҳ) омийлар (яъни аҳли китоб бўлмаган илмсиз кишилар) орасига ўзларида бўлган, уларга (Қуръон) оятларини тиловат қиладиган, уларни (ширк ва жаҳолатдан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб Қуръон ва ҳикмат ҳадисни ўргатадиган бир пайғамбарни (яъни Муҳаммад алайҳис-саломни) юборган зотдир.» дейди.

Оли-Имрон сурасининг 110-оятида эса: «(Эй уммати Мухаммад алайҳис салом), одамлар учун чиқарилган миллатнинг энг яхшиси бўлдингиз. Зеро яхши амалларга буюрасиз ва ёмон амаллардан қайтарасизлар», дейди.

Имом Муслим Абу Масъуд Уқба ибн Омир ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: "Ким бирон яхшиликка бирор кишини йўллаб қўйса, у кишига шу — яхшиликни қилган — кишичалик савоб ёзилади.

Имом Муслим ривоят қилган бошқа ҳадисда Абу Хурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ким одамларни яхшиликка чақирса, бу кишига ҳам шу яхшиликни қилган одамларнинг ажричалик — уларнинг бирон ажри ноқис бўлмасдан — ажр ёзилади. Ким одамларни залолат-ёмонликка чақирса, бу кишига ҳам шу ёмонликни қилган одамлар қатори —уларнинг бирон гуноҳи ноқис бўлмасдан тўлиқ — гуноҳ ёзилади, дедилар.

Имом Термизий Абу Умома ал-Баҳалий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: Албатта Аллоҳ таоло, Фаришталар, Еру-осмон аҳли ва ҳаттоки чумолилар уясида туриб одамларга яхшиликни ўргатувчи кишига дуо-истиғфор айтиб туришади.

 

Шарх:

Аллоҳ таоло пайғамбарларни жўнатишидан мақсад инсонларга динларидаги амалларни ўргатиш ва хайрли амалларга чақиришдир, шунинг учун ҳам бу амал улуғ вазифа ҳисобланади. Кимни Аллоҳ таоло инсонларга дин ишларидан таълим беришга ва яхшиликга йўллашга муваффақ қилиб қўйса дарҳақиқат пайғамбарларга меросхўр бўлибди, чунки бу амал сабабли илм тарқалади, ер юзида амру маъруф, наҳий мункар бўлиб, одамлар устига Аллоҳ таолонинг ҳужжати барпо бўлади.

 

Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:

1- Одамларга хайрли амаллардан таълим бериш пайғамбарларнинг амалидандир.

2- Одамларга дин ишларидан таълим беришнинг фазли улуғ, чунки бундай кишилар одамларнинг қилган амалларининг савобида шерик бўладилар.

3- Одамларга яхшилик ўргатувчи кишининг ажри беҳисоб бўлади, чунки бундай кишини Аллоҳ таоло мақтаган ва Еру-осмон аҳли унинг хаккига дуо-истиғфор айтиб туради.

4- Одамларни Аллоҳга чақириш, амру-маъруф ва наҳий-мункар қилишнинг фазли буюк, бунга Оли Имрон сурасидан келтирилган оят далолат қилмоқда.

 

Ихлос ва ният

Ихлосва ният

Аллоҳ таоло Ҳуд сурасининг 15 ва 16-  оятларида шундай дейди: "Ким (фақат) шу ҳаёти дунёни ва унинг зебу зийнатларини истайдиган бўлса, уларга қилган амалларини(нг ажр-мукофотини) шу дунёда комил қилиб берурмиз ва улар бу дунёда зиён кўрмайдилар. 16. Ундай кимсалар учун охиратда дўзах ўтидан ўзга ҳеч кандай насиба йўқдир. Уларнинг бу дунёда қилган барча яхшиликлари беҳуда кетур ва қилиб ўтган амаллари бефойдадир."
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ривоят қилган, муттафақун алайҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Албатта амаллар ниятга қараб бўлади ва ҳар бир киши нимани ният қилсашуни олади. Ким Аллоҳ ва Расули учун ҳижрат қилса унинг ҳижрати Аллоҳ ва Расули учундир. Кимнинг ҳижрати дунё учун бўлса, дунёдан улушини олади ёки аёл киши учун бўлса, унга уйланади. Ким қандай ният билан ҳижрат қилса,  унинг ҳижрати ниятига яраша бўлади.",  деганларини эшитдим дейди.

Имом Муслим ва Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: "Қиёмат куни одамлар ичида энг аввал ҳукм қилинадиган кишиларнинг биринчиси шаҳид бўлган киши бўлади. Уни олиб келинади ва Аллоҳ унга ўз неъматларини эслатади, у уларни тан олади. Сўнг Аллоҳ: "Уларнинг шукронасига нима амал қилдинг?"-деб сўрайди. У банда : "То шаҳид бўлгунимга қадар Сен учун жанг килдим,"- деб жавоб беради. Шунда Аллоҳ: "Ёлғон айтаяпсан, зеро сен одамлар сени жасур-қўрқмас дейишлари учун урушдинг ва дарҳақиқат, шундай дейилди," - дейди. Сўнг буйруқ берилади, уни юзтубан ерга судраб олиб кетилади  ва дўзахга ташланади.

Кейин илм ўрганган ва уни ўргатган, ҳамда Қуръон ўқиган кишини олиб келинади. Аллоҳ унга ҳам ўз неъматларини эслатади. У банда уларни тан олади. Сўнг Аллоҳ:

— Буларнинг шукронасига нима амал қилдинг? - деб сўрайди. Банда:

— Илм ўргандим, уни бошқаларга ўргатдим ва Сен учун Қуръон ўқидим, деб жавоб беради.

— Ёлгон гапирдинг, сен илмни “олим” дейилиши учун ўргандинг, Қуръонни эса “қори” дейилиши учун ўқидинг, дарҳақиқат, шундай дейилди,- дейди Аллоҳ. Сўнгра буйруқ берилади, уни юзтубан ерга судраб, олиб кетилади  ва дўзахга ташланади.

Кейин Аллоҳ унга ризқни кенг қилиб берган, бойликнинг ҳамма туридан инъом қилган кишини олиб келинади. Аллоҳ унга Ўз неъматларини танитади. У уларни тан олади. Сўнг Аллоҳ:
— Буларни шукронасига сен нима амал қилдинг? – деб сўрайди.
— Сен хуш кўрган бирон йўлни қолдирмай, ҳаммасида Сен учун сарф қилдим, -дейди.
— Ёлғон сўзладинг, зеро, сен бу ишларни “сахий” дейилиши учун қилдинг, дарҳақиқат шундай дейилди,- дейди Аллоҳ.
Сўнгра буйруқ берилади, уни юзтубан ерга судраб, олиб кетилади  ва дўзахга ташланади.
Шарх:
Дарҳақиқат, ният амалнинг асосидирки, ҳар бир яхши амал унинг устига барпо бўлади. Одам алайхис саломдан тортиб, то қиёматгача келадиган барча одамзод сўз ва амалда ихлос қилишга буюрилган. Ким ихлосни маҳкам ушласа – нажот топади. Ким уни зое қилса ҳалокатга юз тутади. Зеро амалнинг қабул бўлиши ёки бўлмаслиги, унга мукофот ёки жазо берилиши ўша амалда ихлоснинг мавжуд ёки мавжуд эмаслиги эътибори билан бўлади.

Демак, бир амалнинг бошқа амалдан афзаллиги унинг катта ёки кичиклигига қараб эмас, балки шу амал соҳибининг қалбида сақладиган иймон ихлоснинг қай даражада эканига қараб белгиланар экан. Зеро амал суратдир, ихлос эса унинг руҳидир. Шайх Дувайш айтадилар: “Агар амалларда ихлос қилмасанг, ўзингни чарчатиб ўтирма. Ихлос дарахтининг илдизи мустаҳкамдир, риё дарахтининг илдизи эса қўпориб ташлангандир”. Дарҳақиқат агар дарахтнинг илдизи мустаҳкам бўлса, унинг танаси қанчалик кесилиб-қирқилиб ташланмасин, барибир ўсишда, ривожланишда давом этаверади, аммо унинг илдизи қўпориб ташланган бўлса, унинг тезда қуришини кутавер. Аллоҳ таоло ҳаммамизни сўз ва амалда ихлос қилишимизга муваффақ қилсин.

Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:

1-  Қилинаётган амал қабул бўлиши учун иккита шарт топилиши керак. Улар ихлос ва амалнинг суннатга мувофиқ бўлиши.
2-  Ихлос ҳар бир амалда буюк аҳамиятга эга, чунки ихлоссиз амал эгасига бало бўлади.
3-  Амалнинг зоҳири чиройли бўлмоги унинг қабул бўлишига кифоя қилмайди, ҳудди амалда ихлос топилиб суннатга мувофиқ бўлмаганига ўхшаш. Демак, ҳар бир амалда ихлос ва суннатга мувофиклик топилиши шарт.   
4-  Ҳар амал олдида ниятни тўғирлаш ва суннатга мувофиқми ёки мувофиқ эмаслигини текшириш вожибдир.
 

Азиз дўстим, сиз рамазон учун чин ният kилдингизми?!

Сиз рўзангиз олдидан чин ният ва мақсад қилдингизми?
Дўстим, рамазон ойини кутиб олар экансиз, қалбингиздаги мақсад ва садоқатни текшириб кўрдингизми?! Кўп кишилар рамазон ойига чин ниятсиз кирадилар. Мен бу ерда рамазон рўзасининг ниятини назарда тутмаяпман. У ниятни ҳамма қилади. Лекин сиз рўзани холис Аллоҳга бўлиши ва бу ойдаги ибодатларни сидқидилдан бажаришни ният қилдингизми?!
Дўстим, сизнинг рамазон ойидаги озиқ- овқатлар учун қиладиган харажатларингизни ҳамма ҳам қилади. Бироқ, сизнинг руҳ озуқаси учун тайёргарлигингиз, нафсингизни поклаш ҳақида фикрлашингиз ва бу муборак ой давомида Аллоҳ таъолога юзланишингизгина фойдали тайёргарликдир.
Айтингчи, бу каби ниятли киши билан, бундай ният қилмаган киши тенг бўладими?!
Бу икки ният ўртасидаги фарқни билмоқчи бўлсангиз, мен билан бирга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзларини тааммул қилинг: "Рамазон (рўзаси)ни иймон билан ва савоб умидида тутган одамнинг аввалги барча гуноҳлари кечирилади. Қадр кечасида иймон билан ва савоб умидида қоим бўлган кишининг аввалги гуноҳлари кечирилади" (Имом Бухорий ва имом Муслим ривоятлари).

Дўстим, Рамазон ойи учун қандай тайёргарлик кўрдингиз?

Мусулмон дўстим, ҳар йили такрорланиб келаётган ва мусулмонлар қалблари ва жонлари билан севадиган ушбу кунлар сабабли мусулмонларнинг севинчига бир қаранг!
Дўстим, инсонга ҳар йили одатий кунларидан фарқли, ўзгача шуур билан ўтказадиган саноқли кунларни кечириши буюк неъмат эмасми?!
Дўстим, бу гўзал кунлар (рамазон кунлари)даги қувонч катталаргагина хос эмас, балки ҳали рўза тутишлари фарз бўлмаган жажжи болажонлар ҳам ҳис этган катта қувончдир!
Дўстим, агар сиз билган бўлсангиз рамазон кунларининг ўзига хос мазаси бор.
Кунлар такрорланаверади, ойлар кетма-кет келаверади, йиллар бир-бирини қувиб ўтаверади. Буларнинг ҳаммасида ва ҳатто инсонда ҳам, рамазон ўзининг уфурган бўйларини қолдиради.
Дўстим, рамазон ойи – сабр, Қуръон, тавба, раҳмат, мағфират, эҳсон, дуо ва жаҳаннам оловидан қутилиш ойидир.
Дўстим, сиз ҳам Рамазоннинг келиши муносабати билан севинганлар қаторида бўлдингизми?!
Ўтаётган кунлар муборак ойнинг келишидан хушхабар бериб, унинг йўлларига гуллар сочмоқда ва гўё Аллоҳнинг бандаларига: "Ҳузурингизга раҳмат ва мағфират ойи келмоқда, сиз унга қандай таёргарлик кўрдингиз?" дея сўроқламоқда!

VAFOJON TULKUNOVICH, 22-08-2009 05:44 (ссылка)

E'tikof Islom.uz saytidan

ЭЪТИКОФ




«Эътикоф» луғатда ушлаб қолиш, туриб қолиш ва лозим тутиш маъноларини ифода қилади. Шариятда эса «Рўзадорнинг жамоат масжидида эътикоф нияти ила қолишидир». Аллоҳ таоло: «Ва у(аёл)ларга масжидларда эътикоф ўтирганингизда яқинлик қилманг», деган (Бақара: 187). Эътикоф Қуръонда зикр қилинган ибодат эканига ушбу оят далилдир. Бу оятда эътикоф ўтирган шахс ўз жуфти ҳалоли ила жинсий яқинлик қилмаслиги кераклигига ва эътикоф ибодати масжидда бўлишига ҳам далил бор.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, то Аллоҳ у кишини вафот этдиргунича Рамазоннинг охирги ўн кунлигида эътикоф ўтирар эдилар. Сўнгра, у зотдан кейин завжалари ўтиришди». Бешовлари ривоят қилган.

Эътикоф қуйидаги турларга бўлинади;
1. Вожиб.
Бунга назр қилинган эътикоф киради.
2. Суннати муаккада.
Бунга Рамазоннинг охирги ўн кунидаги эътикоф киради.
3. Мустаҳаб.
Бунга юқорида зикр қилинганлардан бошқа эътикофлар киради.
Эътикоф ўзига хос алоҳида ибодат бўлиб у ила банда қалб мусаффолигига, дунёнинг ташвишларидан узулишга, Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилишга ва шу каби кўпгина фазлларга эришади.
Унинг ози бир кундир.
Аммо имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳи «эътикофнинг ози бир оз муддат бўлса ҳам бўлади» деганлар ва шунга фатво берилган.
Ким эътикофни бузса, қазосини бажаради.
Худди нафл рўзани бузган одам қазосини тутиши вожиб бўлганга ўхшаб.
Эътикоф ўтирган одам масжиддан инсон ҳожатларидан бошқа нарса учун чиқмайди.
Инсон ҳожатлари деганда катта ва кичик таҳорат ушатиш, нажосатни кетказиш ва жунубликдан ғусл қилиш каби ишлар кўзда тутилади. Мазкур ишларни қилиб бўлиши билан дарҳол эътикоф ўтирган жойига қайтади.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам қачон эътикоф ўтирсалар инсон ҳожатидан бошқа нарса учун уйга кирмас эдилар». Молик ривоят қилган.
Жумага заволдан кейин боради.
Боргандан кейин суннатни ўқиб олишга етадиган вақт бўлиши учун. Бу жума ўқиладиган жомеъ масжидга яқин ерда эътикоф ўтирган одам учун.
Кимнинг манзили узоқ бўлса, суннатларни ўқиб жумага бемалол эришадиган вақтни чамалаб боради.
Яъни, жума бошлангунча унинг фарздан аввалги тўрт ракъат суннатини ўқиб оладиган вақт ҳам бўлишини ҳисобини қилиши лозим бўлади.
Икки ийд намозига бориши ҳам худди жумага боришга ўхшайди.
Шунинг учун жума ўқиладиган масжидда эътикоф ўтириш афзал деган уламоларимиз.
Жомеъ масжидда мазкур муддатдан кўпроқ туриб қолса ҳам эътикофи бузилмайди.
Чунки бу масжид ҳам аслида эътикоф еридир.
Шунингдек, масжид йиқилгани, жамоат тарқалиб кетгани, золимнинг мажбуран чиқариб юборгани, жиноятчиларнинг жонга ёки молга таҳдид солгани учун чиқиш ила эътикоф бузилмайди. Бошқа ерга бориб эътикофини давом этдираверади.
Агар узрсиз маълум вақтга чиқса эътикофи бузилади.
Шунингдек, ғарқ бўлаётган ёки ёнаётган нарсани қутқариш каби нодир ишлар учун, бемор кўриш, жанозада қатнашиш, гувоҳлик бериш каби ишлар учун чиқса ҳам эътикофи бузилади ва қазо лозим бўлади.
У эътикоф ўтирган масжидида еб – ичиши, ухлаши, савдо молини масжидга келтирмасдан олди – сотди қилиши мумкин. Бошқа кишига бу ишларни масжидда қилиш мумкин эмас.
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам эътикоф ўтирганларидан шундоқ қилганлар ва бу ҳожатларни масжиддан чиқмасдан чиқариш мумкин.
Аммо эътикоф ўтирмаган одам мазкур ишларни масжидда қилиши мумкин эмас.
Бу ҳақда бир қанча ҳадислар келган.
Амр Шуъайб отасидан, у бобосидан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда шеър айтишдан, олди-сотди ва жума куни намоздан олдин ҳалқа бўлиб ўтиришдан наҳий қилдилар». Термизий, Насаий ва Абу Довуд ривоят қилган.
У жим ўтирмайди. Фақатгина хайрли нарсаларни гапиради.
Эътикоф ўтирган одам оғзига мум солингандек жим ўтириши мумкин эмас. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам бундан қайтарганлар. Балки эътикофдаги киши, намоз ўқиш тиловат, зикр, ҳадис ўқиш, илм ўрганиш, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ва бошқа пайғамбарларнинг сийратларини, аҳли солиҳларнинг ҳақидаги хабарларни ўрганиш билан машғул бўлади.
Агар кечаси ёки унутиб бўлса ҳам жинсий алоқа қилиш эътикофни бузади. Шунингдек, фарждан бошқа ерга жинсий алоқа қилиш, ўпиш, ушлаш туфайли маний нозил қилса ҳам эътикоф бузилади.
Чунки эътикоф ҳам худди намоздек нарса. Мазкур нарсаларнинг барчаси намозни бузади.
Аммо нозил қилмаса, мазкур ишлар ўзи ҳаром бўлса ҳам эътикоф бузилмайди.
Чунки бу нарсалар жинсий алоқага олиб борадиган нарсалардир. Аммо уларда жинсий алоқанинг маъноси йўқ.
Аёл киши уйида эътикоф ўтиради.
Яъни, уйидаги намоз ўқийдиган ерида. Чунки аёл киши учун энг қулай жой ўшадир.
Агар бир неча кун эътикоф ўтиришни назр қилган бўлса, ўша кунларнинг кечаларини ҳам ўтириш лозим бўлади.
Шунингдек, бир неча кеча эътикоф ўтиришни назр қилган бўлса, ўша кечаларнинг кундузларини ҳам ўтириш лозим бўлади.
Бунда шарт қилмаган бўлса ҳам кетма-кет ўтирилади. Икки кунни назр қилган бўлса, икки кундуз ва икки кеча ўтиради. Наҳорнинг ўзини ният қилиш жоиз.

ЭЪТИКОФ ҲАҚИДА (Ҳадис ва Ҳаёт-9)

Шарҳ: «Эътикоф» луғатда ушлаб қолиш, туриб қолиш ва лозим тутиш маъноларини ифода қилади.
Шариятда эса: «Пок шахснинг масжидда эътикоф нияти ила қолишига» айтилади.
Ушбу фаслда ана шу ибодат ҳақида сўз кетади.
Аллоҳ таоло: «Иккингиз байтимни тавоф қилувчилар, эътикоф ўтирувчилар ва рукуъ сужуд қилувчилар учун покланг»-деб»-деган.
Шарҳ: «Бақара» сурасидаги ушбу оятда Аллоҳ таоло Иброҳим ва Исмоил алайҳиссаломларга берган амри ҳақида хабар бермоқда. Байтуллоҳни бир неча тоифа ибодат қилувчилар учун поклашларини лозимлигини айтганининг хабарини бермоқда. Ана ўша ибодат қилувчи тоифалар ичида эътикоф ўтирувчилар ҳам зикр қилинмоқда.
Демак, эътикоф Қуръонда зикр қилинган ибодатдир.
Демак, эътикоф Иброҳим алайҳиссаломнинг даврларидан, қадим замонлардан буён бор ибодатдир.
Яна Аллоҳ таоло: «Ва у(аёл)ларга масжидларда эътикоф ўтирганингизда яқинлик қилманг»-деган.
Шарҳ: Эътикоф Қуръонда зикр қилинган ибодат эканига яна бир далил. Ушбу оятда эътикоф ўтирган шахс ўз жуфти ҳалоли ила жинсий яқинлик қилмаслиги кераклигига ва эътикоф ибодати масжидда бўлишига ҳам далил бор.

–Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, то Аллоҳ у кишини вафот этдиргунича Рамазоннинг охирги ўн кунлигида эътикоф ўтирар эдилар. Сўнгра, У зотдан кейин завжалари ўтиришди». Бешовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу дунёдан ўтгунларича ҳар йили Рамазон ойининг охирги ўн кунлигида эътикоф ўтиришни канда қилмаганлари ҳақида сўз кетмоқда.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари, оналаримиз ҳам У кишидан кейин вақтда эътикоф ўтиришни канда қилмаган эканлар.
Демак, бошқа мусулмонлар ҳам савоб умидида эътикоф ўтиришлари фазийлатдир.

–Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар Рамазонда ўн кун эътикоф ўтирар эдилар. Вафот этган йиллари йигирма кун эътикоф ўтирдилар». Бухорий ва Абу Давуд ривоят қилган.
Шарҳ: Чунки, У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам умри шарифлари охирлаб қолганини сезиб, солиҳ амалларни кўпроқ қилишга ўтган эдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этадиган йиллари шунга ўхшаш ишларни кўп қилганлари маълум ва машҳур. Жумладан, ҳар Рамазонда Жиброил алайҳиссаломдан Қуръони Каримни бир марта ўтказиб олиш одатлари бор эди. Вафот этадиган йиллари икки мар та ўтказиб олганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ишларида қариб қолган кишиларга катта ўрнак бор.

–Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон эътикоф ўтиришни ирода қилсалар, Бомдодни ўқиб эътикоф жойига кирар эдилар. У зот капа қуришга амр қилдилир. Бас қурилди. Рамазоннинг охирги ўнлигида эътикофни ирода қилган эдилар. Бас, Зайнаб ҳам ўзига капа қуришга амр қилди. У қурилди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ундан бошқа завжалари ҳам ўзига капа қуришга амр қилдилар ва қурилди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Бомдодни ўқиб бўлгандан сўнг назар солдилар... бирдан капаларни кўрдилар ва: «Яхшиликни ирода қиляптиларми?»-дедилар. Сўнг амр қилиб ўз капаларини йиғиштирдилар ва Рамазон да эътикоф ўтиришни тарк этдилар. Кейин Шавволнинг биринчи ўн кунлигида этикоф ўтирдилар». Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эътикоф ўтирмоқчи бўлганларида масжидлари ичига кичик капа қурдирар эдилар.
Бир йили, бошқа ривоятларда айтилишича, Оиша онамиз ҳам У киши эътикоф ўтирганда, эътикоф ўтирмоқчи бўлибдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан изн сўраган эканлар, изн берибдилар. Сўнг Ҳафса онамиз ҳам Оиша онамиз орқали изн сўраган эканлар у кишига ҳам изн берибдилар. Ҳафса онамиз ҳам ўзларига капа қурдирибдилар. Зайнаб бинти Жаҳш онамиз ҳам ўзларига эътикоф ўтириш учун капа қурдириб олибдилар.
Эътикоф ўтириш бошланадиган куни Бомдод номозини ўқиб бўлиб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эътикоф ўтиришни бошлаш мақсадида капалари томон юзлансалар, унинг яқинида бир неча капалар туриб ди. Шунда:
«Бу(аёл)лар яхшиликни ирода қиляптиларми?-дептиларда ўз капаларини йиғиштириб қўйишни буюрибдилар. Эътикоф ўтирмаптилар. Чунки, масжид ичида капа кўпайиб кетса, намозхонларга халал бериш турган гап. Бунинг устига эътикоф ўтиришдан асосий мақсадлардан бири аҳли аёлдан бутунлай ажраб Аллоҳга ибодат қилиш.
Мазкур ҳолатда эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам учун бу мақсад ҳосил бўлмайдиган бўлиб қолган.
Учинчидан масжидга турли одамлар кириб чиқади, агар оналаримиз капа қуриб ўтирсалар, унга кириб чиқиб турсалар ўнғайсиз ҳолга тушишлари мумкин экан.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Эътикоф масжидда бўлиши.
2. Эътикоф ўтирувчи ўзига капа қуриб олса яхши бўлиши.
3. Эътикоф Бамдоддан кейин бошланиши.
4. Баъзи фойда учун, ёки ноқулайликни олдини олиш учун бошламоқчи бўлган ишни қолдириш мумкинлиги.
5. Узр туфайли Рамазон охирида эътикоф ўтира олмаган одам Шавволнинг охирида ўтирса ҳам бўлиши.
6. Аёл киши ўз эридан сўраб эътикоф ўтириш керак.

–Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон эътикоф ўтирсалар у кишига тавба устини ортига тўшак солиб ёки сўри қўйиб берилар эди». Ибн Можа ишончли санад ила ривоят қилган.
Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларидаги устунлардан бирига Табук урушига бормагани учун гуноҳкор бўлган саҳобий Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳу ўзларини боғлаб қўйиб, гуноҳим кечирулмагунча туравераман, деб ётганларида–Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилган. Ана ўша устун, «тавба» устуни номи билан машҳур бўлиб қолган.
Пайғамбаримиз эътикоф ўтирганларида ўша устун ортида ўтирар эканлар.
Ушбу ҳадисдан, эътикоф масжидда бўлиши, маълум жой таъйин қилинса жоизлиги, тўшак, сўри каби баъзи қулайликлар яратилиши мумкинлиги келиб чиқади.

ЭЪТИКОФ ЎТИРУВЧИ ҲОЖАТ УЧУН МАСЖИДДАН ЧИҚСА БЎЛАДИ

–Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон эътикоф ўтирсалар, бошларини менга тутар эдилар, мен уни қараб қўяр эдим. Уйга инсон ҳожатидан бошқа нарса учун кирмас эдилар». Бешовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Маълумки, Пайғамбаримиз завжаи мутаҳҳаралари оналаримизни ҳужралари масжидга ёпишган эди. Оиша онамизнинг ҳужралари ҳам шу жумладан, масжиди шарифга ҳам девор бўлиб эшигидан масжид ичига чиқилар эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эътикоф ўтирганларида ҳужра эшигидан туриб, муборак бошларини ичкарига киритар эдилар. Оиша онамиз эса, ўзлари ривоят қилаётганидек, У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сочларини қараб, мой ва ҳушбўй суртиб қўяр эдилар.
Оиша онамизнинг, уйига инсон ҳожатидан бошқа нарса учун кирмас эдилар, деганлари, таҳорат ушатгани, таҳорат олгани, ғусл қилгани, деганларидир. Озиқ овқатни масжидда қилавериш мумкин. Бу ерда масжид намоз ўқиладиган хонақоҳдан иборат экани унитилмаслиги керак. Биздагига ўхшаб масжиднинг ҳовлиси, таҳоратхонаси, бошқа қўшимча хоналари бўлмаган.

—София розияллоҳу анҳо айтдиларки: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда эътикоф ўтирган эдилар. Мен кечаси у кишининг зиёратларига келдим, бироз гаплашдим, сўнг, уйим томон турдим. У киши мени кузатгани мен билан турдилар. (У кишининг уйи Усома ибн Зайднинг масканида эди). Бас, ансорийлардан икки киши ўтиб қолди. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни кўришлари билан тезлаб қолдилар. Шунда У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Икковингиз шошилманг, бу (аёл) София бинти Ҳуяййдир»-дедилар.
«Субҳоналлоҳ! Эй Аллоҳнинг Расули!»-дейишди.
«Албатта, шайтон инсоннинг қон юрар жойида юради. Мен у сизнинг қалбингизга бирор нарсани ёки ёмонликни отишдан қўрқдим»-дедилар. Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Эътикофни масжидда бўлиши.
2. Аёл киши кечаси бирор жойга борса жоизлиги.
3. Эъткоф ўтирган кишини хотини зиёрат қилса жоиз.
4. Эътикоф ўтирган шахс ўз зиёратчиси билан гаплашиб ўтирса мумкинлиги.
5. Эътикоф ўтирган киши ўз зиёратчисини кузатиб чиқса бўлиши.
6. Кишилар кўнглига ёмон гумон келтириши мумкин ишларда эҳтиёт бўлиши кераклиги. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалиги икки киши қоронғуда аёл киши билан турганлигини кўриб ҳар хил хаёлга бормасинлар, деб аёл ўз хотинлари эканлигини айтиб қўйдилар.
7. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларига меҳрибонликлари. Уларга гуноҳ бўлиши мум кин нарсанинг олдини олишлари.
8. Ажабланганда «Субҳоналлоҳ» дейиш жоизлиги.
9. Шайтон инсонда қоннинг йўлида юриши, унинг иғвосидан жуда ҳам эҳтиёт бўлиш лозимлиги.

ЭЪТИКОФ УЧУН РЎЗА ШАРТМИ?

—Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши: «Эй Аллоҳнинг Расули, мен жоҳилият даврида Масжидул Ҳаромда бир кеча эътикоф ўтиришни назр қилган эдим»-деди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига:
«Назрингга вафо қил. Бир кеча эътикоф ўтир»-дедилар». Бешовлари ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Жоҳилият давридаги назрга ҳам вафо қилиш керак.
2. Рўзасиз эътикофга ўтирса бўлади. Чунки, кечаси рўза йўқ.
3. Масжидул Ҳаромда эътикофга ўтирса бўлади. Аммо, жумҳур уламолари, жумладан, Имом Абу Ҳанифа ҳам рўзасиз эътикоф бўлмайди, дейдилар. Уларнинг далиллари келгуси ҳадиси шариф.

—Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят: «Эътикоф ўтирувчи учун, бемор кўргани бормаслик, аёл кишига қўл тегизмаслик ёки қучоқламаслик, зарур бўлмаган ҳожат учун чиқмаслик суннатдир. Рўзасиз эътикоф йўқ. Жомеъ масжиддан бошқа жойда эътикоф йўқ». Абу Довуд ва Насаий ривоят қилган.
Шарҳ: Эътикофнинг суннатига хилоф иш қилган одамнинг эътикофи бузилади.
Эътикоф ўтирган одамга рўза шарт, деганларга ушбу ҳадис, шарт эмас, деганларга олдинги ҳадис далилдир.
Эътикофга жомеъ масжид шарт, деганлар ушбу ҳадисни далил қилиб олганлар. Баъзилар уйдаги намозгоҳда, хусусан, аёллар эътикоф ўтирса жоиз, дейдилар.

ЭЪТИКОФНИНГ ФАЗЛИ

—Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам эътикоф ўтирувчи ҳақида:
«У гуноҳларни ушлайди ва эътикоф ўтирувчи учун яхшиликларни, барча яхшиликларни қилувчига ўхшатиб жорий қиладир»-дедилар». Ибн Можа ривоят қилган.
Шарҳ: Демак, эътикоф, уни қилувчи шахсни гуноҳлардан тўсади ва эътикоф ўтирувчи учун ҳамма яхшиликларни қилаётганларга ёзилаётган савобга савоб ёзилади.

—Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Ушбу қабр соҳибини: «Ким ўз биродари ҳожати учун юриб, уни чиқарса, унга ўн йил эътикоф ўтиргандан яхши бўлур. Ким Аллоҳнинг розилигини тилаб бир кун эътикоф ўтирса, у билан дўзах орасида осмон гардишидан кенгроқ уч хандақ қилади»-деганларини эшитдим». Табароний ва Байҳақий ривоят қилган. ал-Ҳоким, саҳиҳ, деган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисда эътикоф ўтириш киши учун охиратда қанчалар катта бахт-саодатга сабаб бўлишини баён қилиши билан бирга ўзгаларнинг ҳожатини чиқариш ундан бир неча чандон яхшиликларга эриштириши таъкидланмоқда.

-Ҳусайн ибн Али розияллоҳу анҳудан ривоят: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Рамазонда ўн кун эътикоф ўтирса, худди икки ҳаждек ёки икки умрадек бўлади»-дедилар. Байҳақий ривоят қилган. Аллоҳ билувчидир.
Шарҳ: Бу ривоятда ҳам эътикофнинг фазли улуғ экани таъкидланмоқда. Шунинг учун бу фазлга эришиш мақсадида иложини қилиб эътикоф ўтириш керак.

VAFOJON TULKUNOVICH, 22-08-2009 05:21 (ссылка)

E'tikof shartlari...

Ислом Нури 
Абдуллох Солих: «Рамазонни кандай ўтказишимиз керак»
ва
Мухаммад Иброхим Наъим: «Умрни узайтириш йўллари» китобларидан иктибос:
Мутаржим: Абу Жаъфар ал-Бухорий
 

Эътикофнинг шартлари
1. Одамнинг мусулмон, аклли ва балогатга етган бўлиши.
2. Ният.
3. Масжидда бўлиши.
4. Жанобат, хайз ва нифос конларидан тоза бўлиш.
 
Эътикоф килган одамга мустахаб бўлган нарсалар
1. Намоз ва Куръон тиловати каби тоат-ибодатларни мўл килиш.
2. Фойдасиз бўлган сўзлардан, жанжал, тортишув ва сўкинишдан сакланиш.
3. Масжид ичидаги бир ердан ажралмаслиги. Имом Муслим рахимахуллох Нофеъ разияллоху анхудан куйидаги сўзларни накл килди. Нофеъ деди: «Ибн Умар (яъни Абдуллох) менга масжиддаги расулуллох соллаллоху алайхи ва саллам эътикоф килган ерни кўрсатди».
 
Эътикофдаги одамга мубох (рухсатли) бўлган нарсалар
1. Зарурий эхтиёж учунгина ташкарига чикиш.
Оиша разияллоху анхо деди: «Касални зиёрат килмаслик, жанозага иштирок этмаслик, хотинларга кўл теккизмаслик ва улар билан ковушмаслик, зарурий эхтиёжи учунгина ташкарига чикиш, эътикофдаги одам учун суннатдир» (Имом Абу Довуд ривояти. Хофиз ибн Хажар бу накл ровийларига ишонишни таъкидлаган).
2. Масжидда унинг тозалигига риоя килиш билан бирга  ейиш, ичиш ва ухлаш.
3. Эхтиёжи кадар сўзлаш ва бошкалар билан гаплашиш.
4. Сочни тараш, тирнокларни олиш, баданини тозалаш, чиройли кийимларни кийиш ва хушбўйланиш.
Оиша разияллоху анхо дедилар: «Расулуллох соллаллоху алайхи ва саллам эътикоф килган пайтларида, хужрага бошларини киритар ва мен бошларини ювар эдим (бошка бир ривоятда: бошларини тарар эдим)» (Муттафакун алайх).
5. Эътикоф килган еридан оиласини кузатиш учун чикиш.
Софийя разияллоху анхо расулуллох соллаллоху алайхи ва салламнинг шундай килганларини ривоят килди.
 
Эътикофдаги одамга макрух бўлган нарсалар
1. Олди-сотти килиш.
2. Ичида ва ташида гунох бўлган сўзларни сўзлаш.
3. Ибодат деб эътикод килган холда мутлако сўзлашдан тийилиш.
 
Эътикофни бузадиган нарсалар
1. Масжиддан оз бўлса-да, ташкарига заруратсиз чикиш.
2. Жинсий алока килиш.
3. Телбалик ёки мастлик сабабли аклсиз холатга келиш.
4. Муртадлик (Аллох бундан ўзи сакласин!).
5. Тахоратни бузгани учун хайз ва нифос конларининг келиши.
 
Эътикофга кириш ва эътикофдан чикиш вакти
Эътикоф, масжидга кириш ва у ерда туриш билан Аллохга якинлик килишни ният килиш билан бошланади. Агар одам рамазоннинг охирги ўн кунлигида эътикофга киришга ният килса, масжидга рамазоннинг йигирманчи куни Куёш ботишидан аввал киради хамда рамазон ойининг охирги куни Куёш ботганидан сўнг эътикофидан чикади.
 
Эслатмалар:
1. Эътикоф килишни нафл ўларок бошлаган, кейин эса эътикофини тўхтатган одам, эътикофининг казосини килиши, мустахабдир.. Чунки расулуллох соллаллоху алайхи ва саллам шаввол ойида эътикофининг казосини килган эди.
2. Хотин киши масжидда фитнадан саломат бўлиб, эридан изн олиш шарти билангина, эътикоф килиши мумкин. Агар эридан рухсат олмай эътикофга кирса, эри уни масжиддан чикариши мумкин. Эътикофнинг хотин-кизларга нисбатан хукми, эркакларнинг хукми кабидир. Бирок, хотин-кизлар хайз кони кўрсалар, эътикофлари бузилади. Агар конлари тўхтаб, (гусл килиб) тоза бўлсалар, эътикофини келган еридан охирига кадар давом эттирадилар. Эътикофдаги хотин-кизлар масжиднинг эркаклар намоз ўкимайдиган тарафида парда тўсиб олишлари суннатдир.
3. Масжидул-Харомда эътикоф килишни назр килган одамнинг бошка масжидда шу назр учун эътикоф килиши мумкин эмас. Агар расулуллох соллаллоху алайхи ва салламнинг масжидларида эътикоф килишни назр килган бўлса, эътикофини Масжидул-Харом ёки расулуллох соллаллоху алайхи ва салламнинг масжидларида килиши вожиб. Агар Масжидул-Аксода эътикоф килишни назр килган бўлса, мазкур уч масжиддан бирида эътикоф килиши вожибдир.

VAFOJON TULKUNOVICH, 22-08-2009 05:19 (ссылка)

E'tikof...

Ислом Нури 
Эътикоф
Хозирловчи:«Ана муслим» (Мен мусулмонман) электрон сахифаси
Мутаржим: Абу Абдуллох ал-Бухорий



Бисмиллахир рохманир рохийм
Барча Оламлар Роббиси бўлган Аллох таъолога хамду санолар, пайгамбаримиз, Унинг оиласи барча сахобаларига салавoту саломлар бўлсин.
Сўнг ...
Бу - шайх Холид ибн Алий Мушайкиъ -Аллох уни ўз хифзу химоясида сакласин- таълиф этган «Фикхул-эътикоф» китобига асосланиб ёзганим эътикоф ахкомлари хакидаги мухтасар рисоладир. Мен унинг кучли далилларга асосланган сўзларига баъзи кўшимчаларни кўшдим, холос. Аллох таъолодан бу рисолани манфаатли килишини сўрайман... Зеро, У саховатли зотдир..
Аввало: эътикофнинг таърифи.
Эътикофнинг лугавий маъноси:
«Эътикоф» - (араб тилида اعتكاف) бир нарсага богланиш ва берилиш маъносидаги « عَكَفَ يَعْكِفٌ عُكُوفٌ ъакафа, яъкифу, ъукуфун» феълининг «ифтиъолун افتعال» бобидаги шаклидир. Бу феъл мутааддий (ўтимли) бўлиб келганида масдари «ъакф عَكْفٌ», лозим (ўтимсиз) бўлиб келганда эса, масдари «ъукуфун عُكُوفٌ» бўлади.
«Ъакафа عَكَفَ» феъли ўтимли бўлиб келганида, «тўсиш» ва «ман килиш» маъноларида истеъмол килинади. Масалан:  (عكفته عن حاجته أي: منعته) маъноси: уни хожатидан тўсиб турдим яъни ман килдим.
(وَالْهَدْيَ مَعْكُوفاً أَنْ يَبْلُغَ مَحِلَّهُ) (الفتح:25)  أي : محبوساً. Хадя (курбонлик килиш учун олган хайвонларингиз) ни эса махбус бўлган холида, ўз жойига етишидан тўсган кимсалардир. (Фатх: 25) Маъкуф яъни махбус.
 «Ъакафа عكف» феъли ўтимли бўлиб келганда, «бир нарсани лозим тутиш», «давомийлик», «икбол килиш», «яхши ёки ёмон бўлсин, бир нарсада сабот билан туриш» ни ифодалайди. Бунинг мисоли Аллох таъолонинг куйидаги сўзларидир:
 ( وَلا تُبَاشِرُوهُنَّ وَأَنْتُمْ عَاكِفُونَ فِي الْمَسَاجِدِ) (البقرة:187)
«Сизлар масжидларда эътикофда бўлган чогингизда, (кечалари хам) улар (хотинларингиз) билан ковушмангиз!» (Бакара: 125);
( مَا هَذِهِ التَّمَاثِيلُ الَّتِي أَنْتُمْ لَهَا عَاكِفُونَ) (الانبياء:52)
«Сизлар доимо чўкинадиган бу хайкаллар нимадир» (Анбиё: 56);
 ( وانظر إلى إلهك الذي ظلت عليه عاكفاً )
«... Устидан жилмай ибодат килган илохингнинг холига бок!» (То-ха- 97).
«Эътикоф» нинг истилохий маъноси: Муайян шахс тарафидан муайян услубда Аллох таъолога ибодат килиш учун масжидни лозим тутиш.
Иккинчи: Эътикофнинг хикмати
Калбнинг самимийлиги, Аллох таъоло томон юриш асносида Аллох таъолога икбол килиш, мубох нарсаларнинг ортикчаларини тарк килиш, Аллох таъолога бўлган унсиятни рўёбга чикариш, Аллох таъоло учунгина ишлаш ва Унинг розилигига эришиш йўлида тафаккур килиш билан бирга собиткадам бўлишидир.
Шариатда мавжудлигининг далиллари:
Эътикофнинг шариатда мавжуд эканига Куръон, суннат ва ижмоъ далолат килади.
Куръонниннг далолати:
Аллох таъоло деди:
(وَعَهِدْنَا إِلَى إِبْرَاهِيمَ وَإِسْمَاعِيلَ أَنْ طَهِّرَا بَيْتِيَ لِلطَّائِفِينَ وَالْعَاكِفِينَ وَالرُّكَّعِ السُّجُودِ) (البقرة:125)
«Биз Иброхим ва Исмоилга: «Менинг Байтимни тавоф килгувчилар, ўша ерда ибодат килиб турувчилар, рукуъ - сужуд эгалари учун пок тутинг»- деб буюрдик» (Бакара: 125);
( وَلا تُبَاشِرُوهُنَّ وَأَنْتُمْ عَاكِفُونَ فِي الْمَسَاجِدِ) (البقرة:187)
 «... Масжидларда эътикофда бўлган пайтингизда улар (хотинларингиз) билан ковушмангиз!» (Бакара: 187).
Бу ерда масжидларга изофа килишнинг Аллохга ибодат килишга катта алокаси бор. Рамазон ойининг кечаларида хам хотинлари билан ковушишни тарк килиш - Аллохга якин бўлишнинг бир кўринишидир.
Суннатнинг далолати:
Оиша разияллоху анхо деди: «Расулуллох соллаллоху алайхи ва саллам вафот этгунларига кадар рамазон ойининг охирги ўн кунида эътикоф килдилар. Ундан сўнг рафикалари хам (рамазон ойининг охирги ўн кунида) эътикоф килар эдилар» (Имом Бухорий ривояти: 2026; Имом Муслим ривояти: 1172).
Бундан бошка хадислар хам кўп.
Ижмоънинг далолати:
Эътикоф килишга мусулмонларнинг ижмоъсини ибн Мунзир, ибн Хазм, Нававий, ибн Кудома, шайхулислом ибн Таймийя, Куртубий, ибн Хубайра, Заркаший ва ибн Рушдлар накл килдилар.
Тўртинчи: Эътикофнинг хукмлари
Бунинг учта масаласи бор:
Биринчи масала: Эътикофнинг эркаклар учун хукми.
Эътикоф килиш - хотин-кизлардан бошкалар учун суннатдир. Чунки эътикоф, юкорида зикри ўтган далилларга биноан, шариатда баён килингандир. Бирок, моликий мазхабига мансуб баъзи олимлар имом Моликдан ривоят килинган наклга биноан, эътикоф килишни макрух хисобладилар. Имом Молик рахимахуллох дедилар: «Мен бирон бир сахобанинг эътикоф килганини кўрмадим. (Имом Молик рахимахуллох факатгина бир киши - Абу Бакр ибн Абдуррахмоннинггина эътикоф килганлик хабари етганини эслатади). Менимча, бу - эътикофнинг огирлигидан бўлса керак. (Баъзилар имом Молик рахимахуллохнинг эътикофни макрух хисоблаганининг сабаби, унинг рахбонийликка (ибодат учун одамлардан узоклашишга) ўхшатгани ёки эътикофнинг шартларини тўла адо этиш кийинлигини назарда тутган бўлса керак, деб изохладилар.
Ибн Хажар рахимахуллох: «Балки у (имом Молик) эътикоф учун муайян бир шаклни тасаввур килган бўлса керак. Бўлмаса, кўплаб сахобанинг эътикоф килганини накл килганмиз»- деди.
Иккинчи масала: Эътикофнинг хотин-кизларга нисбатан хукми.
Уламолар ўртасида хотин-кизларнинг эътикоф килиш-килмасликлари ўртасида ихтилофлар бўлсада, жумхури уламо хотин-кизларнинг эътикоф килишлари суннат эканига хукм килган. Улар бунга куйидаги хужжатларни далил килганлар:
1. Эътикофнинг шаръий нарса эканига далолат килган хужжатларнинг умумийлиги ва унда эркак ва хотин-кизлар ўртасини ажратмаслик.
2. Аллох таъолонинг сўзлари:
( فاتخذت من دونهم حجابا )
«... Улардан беркиниб олган пайтда...» (Маръям: 17);
 كلما دخل عليها زكريا المحراب) )
«... Закариё у (Маръям) нинг олдига - хужрага кирганида ...» Оли Имрон: 37).
Бу оятларда зикр килинган ибодат - масжиддаги эътикоф ва одамлардан пардаланиш бўлиб, у биздан аввалгиларга хам шариатларида баён килинган. Бизга эса, уни рад этган бирон бир ривоят ва накл бўлмагани учун шаръийдир (яъни шариатда кўрсатилган ибодатдир).
3. Оиша разияллоху анхонинг расулуллох соллаллоху алайхи ва салламнинг у ва Хафса  онамиз разияллоху анхумоларга эътикоф килишларига рухсат берганлари зикр килинган хадис (Имом Бухорий: 2414; Имом Муслим: 1173).
4. Оиша разияллоху анхо дедилар: «Расулуллох соллаллоху алайхи ва саллам билан бирга кизил ва сарик истихоза кони кўрган, намоз ўкир экан тагига тос кўйган баъзи рафикалари хам эътикоф килган эди» (Имом Бухорий: 309). Баъзи шархловчилар расулуллох соллаллоху алайхи ва салламнинг бу рафикалари Умму Салама разияллоху анхо эканини ёздилар.
5. Оиша разияллоху анхо дедилар: «Расулуллох соллаллоху алайхи ва саллам эътикоф килиш асносида хайз кони кўрган аёлларни масжиддан пок бўлгунларига кадар чикариб юборар эдилар» (Ибн Кудома, «Мугний»: 4 / 487; ибн Мафох «Фуруъ» китобида Абу Хафс Абкарийдан накл килди: 3 / 176; ибн Батта: «Бу хадиснинг исноди яхшидир»- деди).
Аммо расулуллох соллаллоху алайхи ва салламнинг ўзлари билан бирга эътикоф килмокчи бўлган рафикаларининг чодирларини бузиб ташлашлари, уларнинг ракобатлашишларидан кўркканликлари учун эди. Шунинг учун хам уларга: «Сизлар яхшиликни хохлайсизларми?!», деган эдилар.
Учунчи масала: Эътикофнинг рамазондан бошка ойларда ва рамазоннинг охирги дахаси - ўн кунлигидаги хукми.
Бу хакида олимлар ўртасида ихтилоф бўлса-да, кувватлирок хукм - жумхури уламо хукми, эътикофнинг суннат эканидир. Жумхури уламо куйидаги хужжатларни далил килиб олдилар:
1. Эътикоф килиш далилларининг умумийлиги. Бу хукм - рамазон ва бошка ойларни, рамазоннинг охирги ўн куни ва бошка кунларни хам  ўз ичига олади.
2. Оиша разияллоху анхо ривоят килган ушбу хадис: «Расулуллох соллаллоху алайхи ва саллам эътикоф килмокчи бўлсалар, бомдод намозини ўкиганларидан сўнг эътикоф килинадиган ерга кирар эдилар... Ва расулуллох соллаллоху алайхи ва саллам эътикофни тўхтатдилар ва шаввол ойининг охирги ўн кунида эътикоф килдилар» (Имом Бухорий: 2040);
 «.. расулуллох соллаллоху алайхи ва саллам шаввол ойининг биринчи ўн кунида эътикоф килдилар» (Имом Муслим: 1173).
Бу хадислардан эътикоф килиш учун шариатда рухсат берилган пайт рамазон ва ўн кунликлар экани маълум бўлмокда.
3. Абдуллох ибн Умар разияллоху анху дедилар: «Умар расулуллох соллаллоху алайхи ва салламдан: «Мен жохилият пайтида Масжидул-Харомда бир кеча эътикоф килишни назр килган эдим. (Нима килай?)»- деб сўради. Расулуллох соллаллоху алайхи ва саллам: «(Назрингга) вафо кил!»- деб жавоб бердилар» (Имом Бухорий: 2032; Имом Муслим: 1656).
Бу, рамазон ойи, рамазоннинг охирги ўн кунлари бошка кунларнинг барча кечалари эътикоф килиш учун муносиб вакт эканини кўрсатмокда.
4. Абу Хурайра разияллоху анху деди: «Расулуллох соллаллоху алайхи ва саллам хар рамазон ойи ўн кун эътикоф килар эдилар. Вафот этган йиллари эса йигирма кун эътикоф килдилар» (Имом Бухорий: 2044). Бу ривоят эътикоф рамазоннинг охирги ўн кунидан бошка кунлар хам эътикоф вакти бўлиши мумкин эканини кўрсатмокда.
Бундан бошка далиллар хам кўп.

VAFOJON TULKUNOVICH, 22-08-2009 05:17 (ссылка)

Laylatul qadr...

ЛАЙЛАТУЛ ҚАДР ҲАҚИДА



....Лайлатул Қадр кечасида бандаларнинг бир йиллик қадарлари тақдирлари белгиланади ва сураи карима бошидан охиригача муборак Лайлатул Қадр кечасига бағишлангандир. Барча халқларда ўтган улуғ кишиларни, машҳур кунлар, дастурлар ёки бошқа муносабатларни байрам қилиш одат тусига кирган. Улар бу байрамларда еб-ичиш, ўйнаб-кулиш, арақхўрлик, турли фисқу фужурни хоҳлаганча қилишга қулай фурсат топадилар. Исломда эса, байрам ўзига хос бўлади. Илоҳий дастур байрами бўлмиш «Лайлатул Қадр» кечаси шулардан биттаси....

«Албатта, Биз у(Қуръон)ни Қадр кечасида тушурдик. Қадр кечаси қандоқ нарса эканини сенга нима билдирур? Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир. Унда фаришталар ва Руҳ Роббилари изни ила барча иш билан тушурлар. У то тонггача салом (тинчлик) бўлиб турур», деган (Қадр. 1-5).
Шарҳ: Сураи кариманинг номи ҳам биринчи оятдаги «Қадр» калимасидан олинган, тўғрироғи «Лайлатул Қадр»дан олинган.
Бу муборак кеча икки хил маънода «қадр» деб аталади. Биринчиси қадр, яъни қадри улуғ, иккинчиси қадар, яъни бандаларнинг қадарини белгилашдир.
Чунки Лайлатул Қадр кечаси қадри улуғ кечадир. Лайлатул Қадр кечасида бандаларнинг бир йиллик қадарлари тақдирлари белгиланади ва сураи карима бошидан охиригача муборак Лайлатул Қадр кечасига бағишлангандир.
Барча халқларда ўтган улуғ кишиларни, машҳур кунлар, дастурлар ёки бошқа муносабатларни байрам қилиш одат тусига кирган. Улар бу байрамларда еб-ичиш, ўйнаб-кулиш, арақхўрлик, турли фисқу фужурни хоҳлаганча қилишга қулай фурсат топадилар.
Исломда эса, байрам ўзига хос бўлади. Илоҳий дастур байрами бўлмиш «Лайлатул Қадр» кечаси шулардан биттаси.
Чунки худди шу кечада Қуръони карим нозил этила бошлаган. Бу байрамда қалбни поклаш, виждонни сайқаллаш имкони бор. Аллоҳга яқинлик ҳосил қилиш учун ҳам бу кечада бедор бўлиб, ухламасдан ибодат қилинади.
«Қадр» сурасида Аллоҳ таоло мусулмонларга Ўзи берган улкан неъмат - уларни зулматдан нурга олиб чиққан Қуръони каримни нозил қилганини эслатиши бежиз эмас.



БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ



1. «Албатта, Биз У(Қуръон)ни Қадр кечасида туширдик».
Бу ояти каримада зикр қилинаётган Қуръони каримнинг туширилиши Лавҳул Маҳфуздан бу дунё осмонига туширилишидир.
Бу маъно Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган. Ана ўша ҳодиса Лайлатул Қадр кечасида содир бўлганини ушбу ояти карима очиқ-ойдин айтиб турибди.
Қуръон Карим бу дунё осмонидан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлиб-бўлиб, йигирма уч йил давомида туширилган.
Демак, бу ояти кариманинг маъноси - Биз Қуръонни Лавҳул Маҳфуздан бу дунё осмонига Лайлатул Қадр кечасида туширдик, дегани бўлади.



2. «Лайлатул Қадр қандоқ нарса эканини сенга нима билдирди?»
Яъни унинг ҳақиқатини, фазлини тўла тушунишинг қийин. Шунинг учун уни Ўзимиз айтиб берамиз.



3. «Лайлатул Қадр минг ойдин яхшироқдир».
Чунки бу кечада Қуръон нозил бўлган ва бу кечадаги ибодатнинг фазли минг ойлик ибодатдан афзал.
Шу оят тафсирида Аллома Ибн Касир жумладан қуйидагиларни ёзганлар:
«Бир киши силоҳ олиб, минг ой Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилгани ривоят қилинди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мусулмонлар бундан ажабландилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларига ҳам шундоқ бўлишини орзу қилиб:
«Эй, Роббим, менинг умматимни умматлар ичида умри қисқа, амали оз қилдинг!» дедилар.
«Лайлатул Қадр сенга ва умматингга ўша одам жиҳод қилган минг ойдан яхшироқдир», деди Аллоҳ таоло».
Лайлатул Қадрнинг яна бир фазилати қуйидаги оятда баён қилинади:



4. «Унда фаришталар ва Руҳ Роббилари изни билан барча ишлар учун тушадир».
Бу оятдаги «Руҳ»дан мурод Жаброил алайҳиссаломдир. Лайлатул Қадр кечасида Жаброил алайҳиссалом бошчиликларида фаришталар Аллоҳ таоло келаси йилгача тақдир қилинган ишлар ила тушадилар. Бу ҳам Лайлатул Қадр кечасининг шарафини оширади.
Лайлатул Қадрнинг учинчи фазилати қуйидаги ояти каримада баён қилинади:



5. «У то тонг отгунча салом бўлиб турадир».
Яъни Лайлатул Қадр кечаси тонг отгунча салом-тинчлик-омонлик кечасидир. Унда фаришталар мўминларга салом берадилар. Унда Аллоҳ таоло инсонларга фақат тинчлик-омонликни тақдир қилади.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки Лайлатул Қадр кечасини иймон билан ва савоб умидида бедор ўтказса, унинг барча гуноҳлари кечирилади», деганлар.
Бу кечани бедор ўтказиш–намоз ўқиш, дуо қилиш, истиғфор айтиш ва Қуръон қироати билан бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Лайлатул Қадрни иймон ва ихлос ила қоим бўлиб ўтказса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинур», дедилар». Бешовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Кечани қоим бўлиб ўтказишдаги «қоим» лафзи луғатда тик туриш маъносини билдиради. Истилоҳда эса, кечани ибодат ила ухламай ўтказишга айтилади.
Лайлатул Қадрни бедор ўтказиш қандоқ бўлади, деган саволга уламоларимиз батафсил жавоб берганлар.
Аввало, бу кечани қоим бўлиб ўтказиш учун ўша кеча Хуфтон ва Бомдод намозларини жамоат билан ўқиш керак.
Чунки ҳадисда ким Хуфтонни жамоат билан ўқиса, кечанинг ярмини бедор ўтказган бўлади, дейилган.
Бошқа бир ҳадисда эса, ким Бомдод намозини жамоат билан ўқиса кечанинг яримини бедор ўтказган бўлади, дейилган.
Қолаверса, кечанинг қолган қисмида нафл намоз ўқиб, Қуръон тиловат қилиб, зикру дуо қилиб чиқиш керак.
Ана шунда кечани бедор ўтказилган бўлади ва ҳадисда Лайлатул Қадрни иймон ва ихлос билан қоим бўлиб ўтказганларга қилинган ваъда - ўтган гуноҳларнинг мағфират бўлишига эришилади.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинади. У зотга ўзларидан олдинги одамларнинг умрлари кўрсатилди ёки шунга ўхшаш Аллоҳ хоҳлаган нарсаларни. Бас, у зот худди ўз умматларининг умрларини қисқа, бошқалар умрлари узунлиги ила етган амалларга ета олмайдиган деб билганга ўхшадилар. Шунда, Аллоҳ у зотга Лайлатул Қадрни минг ойдан яхши қилиб берди». Имом Молик ривоят қилган.
Шарҳ: Аввал ўтган умматларнинг умрлари узун бўлгани учун кўп амали солиҳ қилиб, кўп савоб олишга муяссар бўлганлар. Буни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билганларидан кейин, у зотга ўз умматларининг умри қисқа кўриниб кетган. Узун умрли умматларга ҳавас қилгандек бўлганлар. Ўз умматларининг умри ҳам узун бўлганида улар ҳам кўп яхши амал қилиб, кўп савобларга эришишларини орзу қилганлар. Ана шунда Аллоҳ таоло у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга Лайлатул Қадрни берган.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг умматларига берилган Лайлатул Қадр кечаси аввалги умматларнинг минг ойидан кўра яхши қилиб берилган. Яъни уммати Муҳамммадия биргина Лайлатул Қадр кечасида ибодат қилиш билан бошқа умматларнинг минг ой қилган ибодати савобидан кўпроқ савоб олиш имконига эга бўлдилар.
Уламоларимиз уммати Муҳамадияга Лайлатул Қадрнинг берилиши ва «Қадр» сурасининг нозил бўлишига оид бир қанча ривоятларни келтирганлар. Биз ҳам ўшалардан баъзиларини эслаб ўтсак фойдадан холи бўлмас.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни саҳобаи киромларга қўйидаги ривоятни айтиб берибдилар:
«Аллоҳ таоло ўтган подшоҳлардан бирига мингта ўғил берган экан. У ўз ўғилларидан бирини жиҳодга тайёрлар ва жангга юборар эди.
Ўғил чиқиб, бир ой жиҳод қилиб, шаҳид бўлар эди. Сўнгра подшоҳ бошқа ўғлини жиҳодга юборар эди. У ҳам чиқиб, бир ой жиҳод қилгандан сўнг шаҳид бўлар эди.
Шундай қилиб, ҳаммалари шаҳид бўлибди. Подшоҳнинг ўзи эса, тоат-ибодатда бардавом бўлиб, Аллоҳга ҳамд айтиб, шукр-қилар экан. У катта лашкар тўплаб, ўзи бошлиқ бўлиб жиҳодга чиқибди. Ва ниҳоят ўзи ҳам шаҳид бўлибди».
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу қиссани эшитган саҳобалар ҳалиги подшоҳга ҳавас қилибдилар. Ўшанга ўхшаш улуғ ишлар қилишни хоҳлабдилар. Шунда Аллоҳ таоло уларга минг ойдан яхши қилиб, Лайлатул Қадрни берди.
Ибн Абу Ҳотим қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни Бани Исроил Пайғамбарларидан тўрттасини: Айюб, Закария, Ҳузайқийл ва Юшаъ ибн Нун алайҳиссаломларни эсладилар. Улар Аллоҳга саксон йил ибодат қилганлар. Бир кўз очиб юмгунча ҳам осий бўлмаганлар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари бундан ғоятда ажабландилар. Шунда У зотнинг ҳузурларига Жаброил келди ва:
«Умматинг шундан ажабландими? Аллоҳ таоло сизларга ундан кўра яхшисини нозил қилди», деди. Ва У зотга: «Иннаа анзалнаҳу фии Лайлатул Қадр»ни тиловат қилиб берди. Сўнгра:
«Бу сенинг умматинг ажабланган нарсадан афзалдир», деди. Шунда, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва У зот билан бирга одамлар ҳам масрур бўлдилар».
Имом Байҳақий ва Ибн Абу Ҳотимлар қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Бани Исроилдан бир кишини зикр қилдилар. У одам Аллоҳнинг йўлида минг ой силоҳ кўтарган экан.
Мусулмонлар бундан ажабландилар. Шунда, Аллоҳ Лайлатул Қадрни нозил қилди. У минг ойдан яхшидир. Бу уларнинг умрлари қисқа бўлгани эвазигадир. Бас, шу билан олдингиларга етиб олурлар. Батаҳқиқ, улардан ўзиб ҳам кетдилар».
Демак, Лайлатул Қадр кечасини топишга жиддият ила ҳаракат қилмоғимиз лозим. Хўш, у кеча қайси кечадир?

У РАМАЗОННИНГ ОХИРГИ ЎН КЕЧАСИДАДИР

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон (охирги) ўнлик кирса, белни маҳкам боғлаб, кечани тирилтирар ва аҳлларини уйғотар эдилар». Бешовлари ривоят қилган.
Термизийнинг лафзида: «Охирги ўнликда ундан бошқада қилмаган ижтиҳодни қилар эдилар», дейилган.
Шарҳ: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Рамазоннинг охирги ўн кечасида белни маҳкам боғлаб, тунни бедор ўтказишлари, аҳли аёлларини ҳам уйғотиб, ибодатга чорлашлари, ўша кечаларнинг фазли улуғлигидан, уларнинг ичида Лайлатул Қадр борлигидандир.
Биз ҳам ўз севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олиб, мазкур кечаларда астойдил бўлиб, бедорлик билан ибодат қилишимиз, аҳли аёл ва атбоъларимизни ҳам Рамазоннинг охирги ўн кечаси ибодатига чорлаб, уларни ҳам хайру барака ва савобдан баҳраманд бўлишга даъват қилишимиз керак.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазоннинг охирги ўн кунида эътикоф ўтирар эдилар ва:
«Лайлатул Қадрни Рамазоннинг охирги ўнлигидан изланглар» дер эдилар». Икки Шайх ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Пайғамбар алайҳиссаломнинг мазкур ўн кунликда эътикоф ўтиришлари уларда Лайлатул Қадр борлиги учундир. Чунки ўн кечаю кундуз узлуксиз масжидда эътикоф ўтирган одам Лайлатул Қадрни топиши муқаррар.
Шунинг учун ҳам ҳозирда аҳли солиҳ кишилар доимо Рамазони шарифнинг охирги ўн кунлигида эътикоф ўтиришга ҳаракат қиладилар. Имкони бор ҳар бир киши бу ишни қилса, жуда ҳам яхши бўлади.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан баъзилари тушларида Лайлатул Қадрни охирги етти (кеча)да эканини кўрдилар. Шунда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сизларнинг тушингиз охирги етти кечага мувофиқ келаётганини кўрмоқдаман. Ким у(кеча)ни излайдиган бўлса, охирги етти (кеча)да изласин», дедилар». Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Мўмин кишининг туши ваҳий кабидир. Азон саҳобалар кўрган туш сабабли шариатга киритилганини аввал ўрганиб ўтган эдик. Мана энди саҳобаи киромларнинг тушлари Лайлатул Қадр кечасини аниқлашга ёрдам бермоқда. Шу туфайли ўн кечадан етти кечага қисқартириб, ўша етти кечадан Лайлатул Қадрни излашга тарғиб қилинмоқда.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Лайлатул Қадрни Рамазоннинг охирги ўн кечасининг тоқ (кеча)ларида изланглар», дедилар». Икки Шайх ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифга биноан Лайлатул Қадрни топиш учун Рамазони шарифнинг йигирма биринчи, йигирма учинчи, йигирма бешинчи, йигирма еттинчи ва йигирма тўққизинчи кечаларида излаш керак бўлади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Лайлатул Қадрни Рамазонни охирги ўн (кечаси)да изланглар: тўққиз кеча қолганда, етти кеча қолганда, беш кеча қолганда», дедилар. Учовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ривоятга биноан Лайлатул Қадрни йигирма биринчи, йигирма учинчи ва йигирма бешинчи кечаларда излаш керак бўлади.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазоннинг аввалги ўн кунлигида эътикоф ўтирдилар. Сўнгра ўрта ўн кунликда эшиги бўйрадан бўлган кичик қубба ичида эътикоф ўтирдилар. Кейин бўйрани қўллари билан олиб, қуббанинг бир томонига сурдилар-да бошларини чиқариб, одамларга гапирдилар. Улар у зотга яқинлашдилар. Шунда, у зот:
«Мен ушбу кечани излаб аввалги ўн кунликда эътикоф ўтирдим. Сўнгра ўрта ўн кунликда эътикоф ўтирдим. Кейин туш кўрувдим, менга у (кеча) охирги ўн кунликдадир, дейилди. Бас, сиздан ким эътикоф ўтирмоқчи бўлса, ўтирсин», дедилар.
Шунда одамлар у зот билан эътикоф ўтирди. У зот:
«Менга тушимда унинг тоқ кеча экани ва унинг тонгида лой ва сувга сажда қилишим кўрсатилди», дедилар.
Бас, йигирма биринчи кеча тонги отиб, Бомдод намози бўлганида осмондан ёмғир ёғди. Масжидга чакка ўтди. Лой ва сувни кўрдим. Бас, у зот масжиддан пешоналари ва бурунларининг учи лой ва сув бўлган ҳолларида чиқдилар. Қарасам, у охирги ўн кунликдан йигирма биринчи кеча экан». Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.
Бошқа бир ривоятда:
«Менга Лайлатул Қадр кўрсатилди. Сўнгра эсимдан чиқарилди. Менимча, унинг тонгида лой ва сувга сажда қилсам керак», дедилар. Йигирма учинчи кечада ёмғир ёғди».
Шарҳ: Одатда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам масжиднинг бир бурчагида бўйраларни тиклаб, бир кишилик қубба ясаб олиб, эътикоф ўтирганлар. Жамоат намози вақти бўлганда чиқиб, намозга ўтганлар ва яна қуббага кириб, ибодатда давом этганлар.
Ушбу ривоятда келишича, бир йили Рамазоннинг биринчи ва иккинчи ўн кунликларида кичик қубба ичида эътикоф ўтирганлар. Учинчи-охирги ўн кунлик келганда эса, қуббанинг бўйрадан бўлган эшигини очиб бошларини ташқарига чиқарганлар. Масжидда ўтирган кишилар бу ҳолни кўриб, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга яқин келганлар.
Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Лайлатул Қадрни излаб, Рамазоннинг аввалги ва ўрта ўн кунликларида эътикоф ўтирганлари, аммо тушларида у кеча охирги ўн кунликда экани, ўша кечанинг аломати ўлароқ У зот тонгда лой ва сувга сажда қилишлари кўринганини сўзладилар. Сўнгра одамларни ҳам эътикоф ўтиришга тарғиб қилдилар.
Бир куни тонгда ёмғир ёғди. Масжиди Набавийнинг томига хурмо шохлари ёпилган эди, холос. Ёққан ёмғирнинг кўп қисми масжиднинг ерига тушар эди. Бомдод намози ўқилганда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак пешоналари ва бурунлари учига лой ва сув тегди. Кишилар дарҳол Лайлатул Қадр аломатини эсладилар. Қарашса, йигирма биринчи кеча экан.
Бу ҳолдан воқиф бўлган уламоларимиз Лайлатул Қадр бир йил у кечада, бир йил бу кечада бўлиб, кўчиб юради, деган фикрни айтганлар. Шунинг учун у кечани топмоқчи бўлган киши Рамазон ойининг ҳамма кечаларини ибодат ила ўтказса, шубҳасиз, уни топган бўлади. Зотан, Лайлатул Қадрни маълум бир кечага тайин қилмасликдан мурод ҳам, кишилар бир кечага эътимод қилиб қолмасдан Рамазони шарифнинг барча кечаларида ибодат қилиб, кўпроқ ажри савобга эришсинлар, дейишликдир.

У ЙИГИРМА ЕТТИНЧИДА ЭКАНИ МАШҲУР

Зирр ибн Ҳубайш розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Убай ибн Каъбдан: «Биродаринг Ибн Масъуд, ким йилни бедор ўтказса, Лайлатул Қадрни топади», дейдими?» деб сўрадим.
«Унга Аллоҳ раҳм қилсин. Одамлар суяниб қолмасин демоқчи бўлгандир. Аслида у батаҳқиқ у(кеча)нинг Рамазонда эканини, охирги ўн кунликда эканини ва йигирма еттинчи кечада эканини билган», деди.
Сўнгра, иншааллоҳ, демасдан қасам ичиб, у йигирма еттинчи кеча эканини айтди.
«Буни нимага асосланиб айтмоқдасан, эй Абу Мунзир?» дедим.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга хабар берган аломат асосида, ўша куни қуёш ёғду сочмай чиқадир», деди». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Абу Довуднинг лафзида: «Аломати нима?» дедим.
«Ўша кечанинг тонгида қуёш тоғарага ўхшаб ёғду сочмай чиқади, деди», дейилган.
Шарҳ: Аввало ҳадиснинг ровийси Зирр ибн Ҳубайш розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:
Зирр ибн Ҳубайш ибн Ҳабаша ибн Авс ал-Асадий. Улуғ тобеъинлардан бўлиб, жоҳилиятда ҳам, Исломда ҳам яшадилар, лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрмадилар.
Қуръон олими ва фозил зотлардан эдилар. Ҳатто Ибн Масъуд ҳам араб тили ҳақида шу зотдан сўрар эдилар.
У киши Куфада истиқомат қилдилар. Ҳаммаси бўлиб 120 йил умр кўрдилар.
У зот ҳижратнинг 83-йили Жаможим воқеасида вафот этдилар.
У зот ҳадисларни Умар, Усмон, Али, Абу Зарр, Ибн Масъуд, Абдурраҳмон ибн Авф, Аббос, Убай ибн Каъб, Сафвон ибн Ассол, Оиша онамизлардан ривоят қилдилар.
Одатда қасам ичганда, иншааллоҳни қўшиб қўйиш орқали бироз енгиллик яратиш, мабода гап нотўғри бўлиб қолса, гуноҳкор бўлмаслик кўзда тутилади.
Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳунинг Лайлатул Қадр кечаси Рамазоннинг йигирма еттинчи кечасида эканига иншааллоҳни қўшмай қасам ичишлари эса, бунга қаттиқ жазмлари борлиги, масалани аниқ билишларига далолат қилади.
Абу Мунзир, Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳунинг кунялари.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Абдуллоҳ ибн Масъуд одамларга Лайлатул Қадрни йил давомида излаш керак, деб айтар эканлар. Ушбу фикрни бошқа кишилар ҳам айтганлар.
2. Бу фикрни айтишдан мақсад кишилар маълум бир кеча ёки кечаларга эътимод қилиб, ўшаларнигина бедор ўтказиб, йилнинг бошқа кечаларини ибодатсиз, бепарво бўлиб ўтказмасин, деганлари экан.
3. Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу Лайлатул Қадр Рамазони шарифнинг йигирма еттинчи кечаси эканига жазм қилганлар.
Бутун Ислом уммати ичида ҳам ушбу фикр машҳур. Бу фаслнинг номи ҳам шунга далолат қилмоқда.
4. Ўзи аниқ билиб, жазм қилган нарсага иншааллоҳ, демай қасам ичса ҳам бўлавериши.
5. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Лайлатул Қадрнинг аломати борлиги ҳақида хабар берганлари.
6. Лайлатул Қадр бўладиган кечанинг тонгида қуёш тоғарага ўхшаб, атрофга ёғду сочмай чиқиши.
Чунки ўша пайтда фаришталар кўплаб чиқиб-тушиб турганлари учун, қуёшнинг ёғдусини тўсиб қўяр эканлар.
Демак, Рамазони шарифнинг барча кечаларида бедор бўлиб, ибодат қилишга уриниш билан бирга йигирма еттинчи кечага алоҳида эътибор бериш керак.

Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Лайлатул Қадр йигирма еттинчи кечададир», дедилар». Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилган.
Шарҳ: Рамазони шарифнинг йигирма еттинчи кечасида бедор бўлиб, аҳли аёлини ҳам, ёру дўстларни ҳам ибодатга чорлаб туриш лозим.
Аллоҳ таоло ўша кечанинг баракотидан минг ойлик ибодатнинг ажру савобидан кўра яхшироқ ажру савоб беришидан умидвор бўлиш керак.
Ўша кечанинг ва ундаги бедорлик, ибодат, намоз, тиловати Қуръон ҳам илтижо, тазарруъ дуолар фазлидан ўтган гуноҳларни кечиришидан умидвор бўлиши керак.
Бу ишни ҳар бир шахс, ҳар бир оила, ҳар жамоа, ҳар бир қавм яхшилаб йўлга қўйиши керак. Зотан баъзи бир ҳолларда Лайлатул Қадр кечасини бедор ўтказишга уринишлар йўқ ҳам эмас. Аммо ўша уринишларда таом, шароб, бекорчи гап-сўзлар ғолиблик даражасига кўтарилиб қолмаслиги керак.
Лайлатул Қадр кечасида намозларни, албатта, жамоат билан ўқиб, қолган вақтда нафл намоз ўқиш, Қуръон тиловат қилиш, зикру дуо қилиш, диний илм ўрганиш билан машғул бўлмоқ керак.

VAFOJON TULKUNOVICH, 22-08-2009 05:08 (ссылка)

РАМАЗОНДА ЖИНСИЙ ЯҚИНЛИК...

...Гарчи, воқеъликдаги ушбу мисолда иш бир оз енгилроқ бўлиб кўринса ҳам аслида иш ўта оғирдир. Рамазон рўзасининг бир кунини узрсиз ўтказиб юбориш улкан гуноҳдир. Унинг ўрнини тўлдириш жуда ҳам мушкулдир...

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Ҳалок бўлдим, эй Аллоҳнинг Расули!» деди.
«Сени нима ҳалок қилди?» дедилар.
«Рамазонда хотинимнинг устига чиқдим», деди.
«Қул озод қилишга нарса топа оласанми?» дедилар.
«Йўқ», деди.
«Икки ой кетма-кет рўза тута оласанми?» дедилар.
«Йўқ», деди.
«Олтмиш мискинга таом беришга нарса топа оласанми?» дедилар.
«Йўқ», деди.
Сўнгра кутиб ўтирди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бир занбил хурмо келтирилди. У зот (ҳалиги одамга): «Мана буни садақа қилиб юбор», дедилар.
«Эй, Аллоҳнинг Расули, биздан кўра фақирроққами? Аллоҳга қасамки, у(Мадина)нинг икки чети орасида биздан кўра муҳтожроқ аҳли байт йўқ», деди.
Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кулдилар, ҳатто тишларининг оқи кўриниб кетди. Сўнгра: «Бор! Уни аҳлингга таом қилиб бер», дедилар»
. Бешовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Рўзадор жинсий яқинлик қилса, рўзаси очилиши.
2. Рўзасини бузган рўзадор каффорот бериши вожиблиги.
3. Энг аввалги каффорат қул озод қилиш экани.


Бу Исломнинг қулдорликка қарши курашининг кўринишларидан бири. Мусулмон кишининг гуноҳини ювишга қул озод қилишнинг шарт қилиб қўйилиши шуни кўрсатмаса, нимани кўрсатар эди! Фақат гуноҳкор қул озод қилишга қодир бўлмасагина, унга қарши бошқа чоралар кўрила бошлайди.

4. Каффорот бериш вожиб бўлган одам қул озод қилишга қодир бўлмаса, кетма-кет, орасини узмай олтмиш кун рўза тутиши лозим.
Рамазон рўзасини тутиш даврида сабрсизлик қилгани сабабли, сабрли бўлишга тузукроқ одатланиб олиши учун.
Албатта, олтмиш кун кетма-кет рўза тутиш осон эмас. Албатта, бунга қодир бўлиши мумкин кишиларга бошқа чора ҳам йўқ. Лекин ушбу биз ўрганаётган қиссанинг қаҳрамони, аъробийлардан бўлмиш Салама ибн Сахр розияллоҳу анҳу олтмиш кун кетма-кет рўза тутишга қодир эмас эдилар. Бошқа бир ривоятда келишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
«Икки ой кетма-кет рўза тута оласанми?» деганларида,
«Рўзани деб шу ҳолга тушиб турибман-ку!» деган.

5. Рамазонда жинсий алоқа қилиб, рўзасини очиб юборган одам икки ой кетма-кет рўза тутишга қодир бўлмаса, олтмиш мискинга таом беради. Ҳар бир мискинга бир мудд (1 мудд - 1843 ғиром) миқдорида таом беради. Бу эса, ўз навбатида гуноҳкор кишининг гуноҳини ювишга имкон яратиб бериш билан бирга мискинларга яхшилик қилиш йўли ҳамдир. Ислом дини мискин-фақирларга моддий ёрдам кўрсатиш учун ҳар бир қулай имкониятни тўлиқ ишга солган.
Ҳадиснинг охирида Салама ибн Сахр розияллоҳу анҳунинг аъробийларга хос соддалик ва очиқликлари гувоҳи бўламиз. У киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига ҳадя қилиб келтирилган хурмо қобиғидан тўқилган занбилдаги олтмиш мискинга етадиган, олтмиш мудд миқдоридаги хурмони олтмиш мискинга бериш ҳақидаги гапларини эшитиши билан Мадинада ўзидан кўра мискинроқ аҳли байт йўқ эканини эслатди. Бу, ўзим еб қўйсам бўлавермайдими, дегани эди. Шундоқ ҳам бўлди. Лекин буни рўзасини бузгани учун мукофот маъносида тушунмаслик керак. Бу Салама ибн Сахр розияллоҳу анҳунинг ўзига хос. Бошқаларга мумкин эмас. Қолаверса, ҳозирча ўзинг еб тур, кейин топганингда каффоротни берасан, деган маъно ҳам бор.
Жумҳур уламолар жинсий алоқада қатнашгани учун аёл киши ҳам каффорот беради, деганлар.
Гарчи, воқеъликдаги ушбу мисолда иш бир оз енгилроқ бўлиб кўринса ҳам аслида иш ўта оғирдир. Рамазон рўзасининг бир кунини узрсиз ўтказиб юбориш улкан гуноҳдир. Унинг ўрнини тўлдириш жуда ҳам мушкулдир. Ушбу ҳадисда зикр қилинаётган каффоротлар бир кун тутилмай қолган, хато туфайли очилган рўзанинг каффоротидир. Агар ўша миқдор икки ёки уч кунга ўтса, бир ой ёки бир умрга ўтса нима бўлишини бир ўйлаб кўриш керак.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, узрсиз бир кун рўза тутмаган одам умр бўйи рўза тутиб ўтса ҳам ўша куннинг ўрнини тўлғиза олмайди, деганлар.
Яна бошқа бир ҳадисда бир кун рўза тутмаган одам қирқ йил жаннатнинг исини ҳам ҳидлай олмайди, деганлар. Шунинг учун Аллоҳ етказганига шукр қилиб, рўзани канда қилмай тутиш керак.
                            Аллохим барчаларимизни узи рози буладиган бандалардан килсин. Омин

настроение: Надеющееся

В этой группе, возможно, есть записи, доступные только её участникам.
Чтобы их читать, Вам нужно вступить в группу